Шаҳрисабз ҳокимлиги ҳокимни савиясиз ва «тупой» деб атаган Кабул Дусовни прокуратурага берди

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ҳоким Самад Ҳасановни савиясиз ва «тупой» деб атаган Кабул Дусовни прокуратурага берди. Бу ҳақда ҳокимият матбуот котиби Баҳодир Ҳалимов хабар берди.

Ҳокимликнинг маълумот беришича, Кабул Дусов ҳоким Самад Ҳасановга телефон қилиб, келинини ишга тиклашини талаб қилган. Ҳоким эса бу ҳақда суд қарори борлигини айтиб, бу иш унинг ваколатига кирмаслигини маълум қилган. Дусов эса ҳокимнинг бу жавобига нисбатан уни савиясиз ва «тупой» деб атаган.

Ҳокимлик Кабул Дусовни масалага бир томонлама ёндашишда айблаб, Самад Ҳасанов номига ҳақоратомуз сўзлар қўллагани учун унинг хатти-ҳаракатини чегарадан чиқиш дея баҳолаган.

Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов билан телефон орқали мулоқот қилган Кабул Дусов ҳокимга «судни сиз назорат қиласиз, ака», деб айтиб, ишини ҳал қилиб беришини сўраган.

«Ўрганишлар натижасида блогер сифатида танилган Кабул Дусовнинг Адиба Нарзуллаева билан қариндош эмаслиги маълум бўлди. Адиба Нарзуллаеванинг меҳнат низоси эса туман прокуратураси ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан қайта ўрганилиши белгиланди», — дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари.

Ҳокимлик Кабул Дусовнинг шахсий Telegram-канали орқали тарқатилган хабарда туман ҳокими шаънига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар қўллангани учун блогер устидан қонуний тўхтамга келиш учун тўпланган ҳужжатлар ва суҳбатдошлар ўртасидаги аудиоёзувни вилоят прокуратурасига юборган.