Ер солиғи бўйича имтиёзлар 3 йил муддатга амал қилади. Бу ҳақида янги қабул қилинган “Пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–179-сон, 25.03.2022 й.)да айтиб ўтилган.
Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи (ижарачи)ларга пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ошириш тадбирлари учун 2022–2023 йилларда синов тариқасида рағбатлантиришнинг қуйидаги механизмлари жорий этилади:
тупроқ унумдорлигини ошириш ва эрозиядан муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширганлик учун солиқ имтиёзлари берилади;
ерларни тиклаш, қайта фойдаланишга киритиш ва янгидан ўзлаштириш, рекультивациялаш ва мелиорациялаш тадбирларини бажариш учун субсидиялар ажратилади ва ер солиғидан қисман озод этилади.
2022-2023 йилларда синов тариқасида:
тупроқ унумдорлиги ва пахта ҳосилдорлигини ошириш, илмий асосланган алмашлаб экишни ва суғоришнинг янги технологияларини жорий этиш ҳамда ўсимликлар ҳимояси бўйича хизматларни йўлга қўйиш ва замонавий лабораторияларни барпо этиш учун ердан фойдаланувчи (жумладан, кластер)ларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар майдонга 1 миллион сўмдан субсидия ажратилади;
пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширганлик учун солиқ имтиёзлари тупроқ бонитировкаси таҳлили натижалари бўйича тупроқ унумдорлиги ошган ердан фойдаланувчиларга татбиқ этилади;
ер солиғи бўйича имтиёзлар 3 йил муддатга амал қилади.
Қарорга кўра, субсидия ажратиш тажрибаси тегишли рўйхат бўйича 13 та туманда синовдан ўтказилади.