Ўзбекистон пойтахтида 1-Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ўз ишини якунлади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир 2 мингдан ортиқ иштирокчиларни – жаҳоннинг 56 мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонларни бирлаштирди.
Ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари ковиддан кейинги даврда иқтисодий фаолиятни жадал ривожлантиришни тиклаш ва рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш, пул-кредит сиёсатини тартибга солиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, банк сектори ва молия бозорини ривожлантириш механизмларини муҳокама қилдилар.
Форум доирасида Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилиши, “Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар” Ўзбекистон-Хитой инвестициявий форуми, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этган Ўзбекистон учун “мамлакат платформаси” бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, форум якунлари бўйича 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди.
Шунингдек, қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.