Тафаккур вақти: Соф рақобат

Ўқитувчи синфдаги аълочи, аммо бахил ўқувчидан сўради:

— Нега синфдошларингдан бирортаси яхши ўқишни бошласа, жанжаллашаверасан?

Билганларини чипакка чиқаришга ҳаракат қиласан?

— Чунки ҳеч кимнинг мендан олдинга ўтиб кетишини истамайман, — ростига кўчиб қўя қолди бола ҳам.

Ўқитувчи қўлига бир бўлак бўр олди ва полга ўн беш сантиметр узунликда чизиқ тортди ва ўқувчидан сўради:

— Бу чизиқни қандай қисқартириш мумкин?

Ўқувчи олдинига ҳайрон бўлди ва чизиқни қисқартиришнинг бир неча усулини айтди. Ўқитувчи жавобни қабул қилмади, олдингидан ҳам узунроқ чизиқ чизди ва савол берди:

— Биринчи чизиқ қандай кўриняпти?

Ўқувчи уялганча бошини эгди:
— Анча қисқа…

Бу жавобдан кейин ўқитувчи бахил ўқувчига умр бўйи унутилмайдиган жавобни берди:

— Илм ва тажрибангни ошириб, ўз чизиғингни узайтиришинг рақиб чизиғини қисқартиришга ҳаракат қилганингдан минг чандон яхшидир!