Давлат Думасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ишлари, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин (“Ягона Россия” фракцияси) палатага рус тилини биладиганларнинг барчасини ватандош деб тан олишни таклиф қилувчи қонун лойиҳасини киритди. Ҳужжат бугун, 28 март куни Думанинг электрон базасига жойлаштирилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, қонун лойиҳасида ватандош деган асосий тушунчанинг асоссиз кенг талқин қилинишидаги камчиликлар бартараф этилган. Хусусан, рус тилини биладиган ва тарихан Россия ҳудудида яшаган халқларга мансуб шахсларни, шунингдек, бевосита аждодлари Россия Федерацияси ҳудудида туғилган ёки яшаган шахсларни ватандошлар деб тан олиш таклиф этилмоқда.
“Шу билан бирга, СССР парчаланганидан кейин ўтган 30 йил давомида СССР фуқаролигига эга бўлмаган ватандошларнинг янги авлоди етишиб чиққани ҳисобга олинади. Шу муносабат билан СССР фуқаролиги билан боғлиқлик ватандош тушунчаси таърифидан чиқариб ташланади”, дейилади ҳужжатда.
Қонун лойиҳаси, шунингдек, Россия ҳудудида тарихан истиқомат қилувчи халқлар рўйхатини аниқлаштиришни таклиф қилади. Хусусан, рўйхатга беларусь ва украин халқлари вакиллари, маҳаллий халқлар вакиллари киритилган.