Истанбулда уч соат давом этган Россия ва Украина делегацияларининг биринчи кун музокаралари якунланди. Бу ҳақда «Hurriyet» хабар берди.
Музокаралар 30 март, чоршанба куни давом этиши кутилмоқда. Украиналик музокарачи Давид Арахамия қуйидагиларни маълум қилган:
музокараларни Минскдан Истанбулга кўчириш дастлабки кичик ғалаба, Туркия Украина учун хавфсизлик кафолатларидан бирига айланиши мумкин;
глобал хавфсизлик тизими дарс кетган, шунинг учун ҳозирда янги хавфсизлик тизимлари ишлаб чиқилмоқда;
АҚШ, Франция, Туркия, Германия, Канада, Польша, Исроил, БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатлар Украина учун хавфсизлик кафиллари бўлиши мумкин, кейинчалик улар ўз маслаҳатлашувларини ўтказади;
Луганск ва Донецк ҳамда Қрим масаласи мураккаблигича қолмоқда — шунинг учун хавфсизлик кафолатлари, эҳтимол, бу ҳудудларга ҳали берилмайди.
Россия делегациясидан Путиннинг ёрдамчиси Владимир Мединский Москва ва Киев делегацияларининг учрашуви якунлари бўйича қуйидагиларни келтирган:
Музокаралар конструктив тарзда ўтди. Украинадан уларнинг позициясини кўриб чиқиш учун таклиф олдик. Бу таклифлар яқин кунларда кўриб чиқилиб, Россия президентига маълум қилинади ва жавобимиз берилади.
Москва Украина томонга можарони юмшатиш учун икки қадам ташламоқда (гап сиёсий ва ҳарбий компонент ҳақида кетмоқда).
Путин ва Зеленский учрашуви яхши ишлаб чиқилган тинчлик шартномаси тайёр бўлганда амалга ошиши мумкин.
Россия Украинанинг Европа Иттифоқига киришига қарши эмас.
Россия энди музокаралар давомида Украинани денацификация қилишни талаб қилмайди.