«Биз Киевга бориб, Киевни олишимиз керак». Рамзан Қодиров Россияни ортга қайтмасликка чақирди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россиянинг Украинадаги «махсус операцияси» давомида Киевни қўлга киритиш кераклигини айтди. Бу ҳақда у Россия Киев йўналишидаги ҳарбий фаолликни камайтиргандан кейин Грознийда ҳарбий кучларнинг кенг кўламли йиғилишида айтган, деб ёзади «РИА Новости».

«Мен тўхтаб қолмаслик, бошланган ишни охирига етказиш зарурлигини таъкидлайман. Биз Киевга бориб, Киевни олишимиз керак. Агар Киев атрофида қолганимизда эди, Киевга бориб, ҳамма нарсани тартибга келтирган бўлардик», — деди Қодиров.

Чеченистон расмийларининг маълумотларига кўра, 28 март куни Рамзан Қодиров Россия қамалида бўлган Мариуполга ташриф буюрган. Сафардан сўнг Қодиров ижтимоий тармоқларда «Донбасснинг тинч аҳолисини ҳимоя қилиш ва Украинадаги махсус операцияни мантиқий ғалаба билан якунлаш бизнинг бевосита масъулиятимиз», — деб ёзди.