Тафаккур вақти: Банданинг назари

Ривоят қилинишича, Ҳотим Осим болаларига ҳажга бормоқчи эканини айтганида улар бизни кимга қолдирасиз, дейишди. Яъни, бу билан кунимиз қандай ўтади, демоқчи бўлишди. Ҳотимнинг бир қизи бўлиб, у отасининг ҳажга боришини маъқуллаб, бораверсин, отам бизга ризқ берувчи эмас, деди. Ҳотим Осим ҳажга жўнаб кетди.

Отаси ҳажга кетгандан кейин бироз вақт ўтиб уйда озуқа тугаб, ҳатто бир кечаси оч ҳолда тонг оттирдилар. Болалар қизни ўша гапини деб маломат қила бошлашди. Ноқулай ҳолатга тушган қиз: “Эй Парвардигор, оиламиз олдида мени ҳижолат қилма”, дея дуо қилди.

Эртаси шаҳар амири уйлари олида ўта туриб, йўл юриб чанқагани учун навкарларидан бирига мана шу ҳовлидан менга сув сўраб чиқ, деди. Ҳотим аҳли навкарга бир кўза муздек сув берди. Шаҳар амири сувни ичиб бўлиб, бу уй кимники, деб сўради. Ҳотим Осимники, дейишди. Шунда у белидаги тилла камарини ечиб бўшаган идишга ташлади ва навкарларига ҳам нимаси бўлса ташлашни буюрди. Навкарлари ҳам ўзларидаги нарсани шу идишга ташлади.

Бу ҳолдан хабар топган қиз йиғлай бошлади. Онаси қизига ҳайрон бўлиб, сен нега йиғлаяпсан, Аллоҳ бизга ризқимизни етказди-ку, деди. Шунда қиз йиғидан тўхтаб, бизга бандаси назар солгани учун беҳожат бўлдик, агар Холиқ зотнинг ўзи назар солганида нима бўларди, деди.