Россия президенти Владимир Путин 31 март куни «дўст бўлмаган давлатлар» билан газ савдоси қоидалари тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Путин мазкур қарорни Россиянинг молиявий суверенитети сари қадам эканини айтган. У рубль ва ишончли ҳамкорларнинг валюталаридаги савдони кўпайтириш бўйича узоқ муддатли режага ўтишни таклиф қилган. Газпромбанк хорижий харидорларга рубль ҳисоб рақамларини очиш бўйича ваколатли банки сифатида белгиланган.
Махсус ҳисоблар «иммунитет» билан ҳимояланган бўлиши, яъни газ билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда маблағларни ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариш тақиқланиши қайд этилган. Газ ҳарид қилмоқчи бўлган, «дўст бўлмаган давлатлар» Россия банкларида ҳисоб очиши керак, тартиб 1 апрелдан кучга киради.
«Агар ‘дўстона бўлмаган давлатлар’ 1 апрелдан бошлаб рублда тўловни амалга оширмаса, буни газ шартномалари бўйича мажбуриятни бажармаслик деб ҳисоблаймиз, бундай ҳолатда шартномалар тўхтатилади», — дейди Россия президенти.
Эслатиб ўтамиз, Путин 23 март куни Европага газ рублда сотилишини эълон қилганди.