Тафаккур вақти: Кампир билан табиб

Кўз оғриғига мубтало бўлган кампир табибни уйига таклиф қилди. Ҳақини тўлашга ваъда бериб, ундан муолажани уйида ўтказишини сўради.
Табиб ҳар гал келганида кампирнинг кўзига малҳам суртарди-да, у кўзини юмиб турганидан фойдаланиб бирон нарсани қўлтиққа уриб кетарди.

Шу асно арзигулик нарсаларнинг барини ташиб битиргач, табиб муолажалар тугаганини айтиб, ҳақини талаб қилди. Кампир тўлашдан бош тортганди, табиб уни қозига судради. Қозихонада кампир чиндан ҳам ҳақ тўлашга ваъда берганини, бироқ бунинг учун кўзларининг даволанишини шарт қилганини айтди. Ҳолбуки, муолажадан кейин кўзлари равшанлашиш ўргига баттар хиралашди, чунки: “Илгари уйимдаги барча анжому жиҳозларни кўрардим, энди бўлса ҳеч нарса кўрмаяпман!”

Алқисса, шунга ўхшаш нафс кўйига кирган ножинслар тамагирликлари орқасидан ўзлари сезмаган ҳолда ўзларини фош этадилар.

«Эзоп масаллари»дан