Қозоғистонда президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга суиқасд уюштиришни режалаштирган хорижий разведка агенти ушланди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 25 март куни Нур-Султон шаҳрида Миллий хавфсизлик аксилразведка қўмитаси томонидан Қозоғистон президенти ва бир қатор юқори мартабали давлат хизматчиларининг ҳаётига суиқасд қилишни режалаштирган Қозоғистон фуқароси — «А» хорижий разведка агенти қўлга олинган.
«Ундан хорижда ишлаб чиқарилган снайпер милтиғи, гиёҳванд моддалар ва катта миқдордаги пул олинди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳибсга олинган хорижий разведка агенти Қозоғистонда Россияга қарши ташвиқот бўйича топшириқларни бажарган. «Ижтимоий тармоқларда русофоб қарашларни шакллантиришга қаратилган постлар чоп этилган», дейилади хабарда.
Қўлга олинган қозоғистонлик чет эл давлатининг кўрсатмаси ва манфаатларини кўзлаб қонунбузарлик содир этганини тан олган.
Аввалроқ Покистон бош вазири Имрон Хонга суиқасд қилишга уриниш бўлганди.