Франция ҳукумати томонидан ўтган ҳафта россиялик миллиардер Алишер Усмоновга алоқадор иккита вертолёт Лазурн қирғоғида ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.
Нашрнинг Франция Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакилига таяниб маълум қилишича, «Airbus EC-175» вертолёти Ле-Кастел, «Eurocopter EC-155» вертолёти эса Монаконинг Монте-Карло шаҳрида ҳибсга олинган.
Очиқ маълумотларга кўра, «Airbus EC-175» охирги марта 2021 йил 13 ноябрда Ле Кастелда, «Eurocopter EC-155» эса 1 мартда Монте-Карлода қайд этилган. Иккала вертолёт ҳам Британиянинг Мен оролида рўйхатга олинган, бироқ 3 март куни рўйхатдан чиқарилган. Бу шуни англатадики, вертолётлар энди сертификатланмаган, яъни улар энди суғурталанмаган ва бошқа давлатда рўйхатдан ўтгунга қадар уча олмайди.
«Forbes» маълумотларига қараганда, «Airbus EC-175» «Crystal Sky Limited» компаниясига, «Eurocopter EC-155» эса «Margaux Aviation Limited»га тегишли. Иккала компания ҳам Кайман оролларида жойлашган. Нашр янги ва фойдаланилган моделлар нархидан келиб чиқиб, иккита вертолётнинг нархини 26 миллион долларга баҳолаган. Ўз навбатида, Алишер Усмоновнинг вакилининг «Forbes» нашрига айтишича, тадбиркор вертолётларга эга эмас.
«‘Forbesʼ томонидан эслатиб ўтилган мулкнинг катта қисми, шу жумладан, иккита вертолёт қайтариб олинмаслик шарти билан бериб юборилган. Жаноб Усмонов уларга эгалик қилмайди. Мулкни оилавий трастга ўтказиш жараёни кўп йиллар олдин бошланган. Бунинг санкциялардан қочиш ёки бойликни яшириш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деган у.