“Ҳей-я, тўхта, етиволсам еб қўяман”

Бугунга келиб инсон онги, фикрлаши тараққиётга мутаносиб равишда ўсиб бораяпти. Энди оддий нарсалар билан одамларни ҳайрон қолдириш қийин, ҳар соҳада рақобат кучайган. Жумладан санъат соҳасида ҳам…

Сўнги пайтларда шунчаки оҳангга аққани баққани мослаб, жўн сўзларни бир-бирига мажбуран боғлаб, уни шеър деб атайдиганлар ҳам кўпайиб кетди. Тутуриқ, туроқсиз, қофияси тумтароқ, бири боғдан, бири тоғдан келган шеър эмас, шунчаки сўз бирикмаларини ўқиб, бошингизни уришга тош тополмайсиз.

Ўхшатмасдан учратмас деганларидек, бу “топилма”ларни дарров қўшиқ қилгувчилар ҳам топила қоляпти. Дид деган неъматдан мосуво айрим санъаткорларимиз ўзи каби ҳасталикка чалинган назмбозлар бозорини чаққон қилаётир. Мазмунан саёз шеърларни чет эл қўшиқларидан ўғирланган оҳанг билан қориштириб, техникалар ёрдамида сайқаллаяпти-да, овоз кучайтиргичлар билан фонограммада чунонан ҳониш қиладики, асти қўяверасиз.

Бахтга қарши бундайин “санъат асарлари” тез орада ФМ тўлқинларини забт этади, бошингни ўнгга бурсанг ҳам, чапга бурсанг ҳам, осмонга қарасанг ҳам, ерга қарасанг ҳам шу қўшиқ “хит”га айланади-ю, одамларни хит қилиб юборади.

Биринчи мартада эшитганда ғашимизга теккан, асаб толаларини қитиқлаган қўшиқ бир кунда тўқсон тўққиз марта қулоқ остида жаранглайверса, кўникиб ҳам қоларканмиз. Бугинги кунга келиб “Мушук дейди миёв-миёв, Питпилдиғим қайдасан” лар ҳам энг сара қўшиқлар сирасига кириб боряпти.

Телевизорни қўшинг, теледастурларни томоша қилинг, ишонч билан айта оламанки, кун давомида эфирга узатилаётган қўшиқларнинг 75-80 фоизи юқорида айтилган таранг-турунглар…

Мана, мусиқий дастур бошланди, биринчи қўшиқ: ” Лабингда помада, пома-помада, ёнимда юрмада, юрма-юрмада”. Оббо, шу ҳам қўшиқми деб бошқа каналга ўтказсанг, у ерда ҳам авҳол шу: “Эркаланма, оббо, эзмаланма оббо, лаблари қулупнай мани гўзалим, бунчалар инжиқсан оббо”. Учинчиси ҳалол дедим-у, яна бошқасига ўтказдим: ” Мани ёрим қўқонли, авлод-аждоди хонли”.

Тишимни тишимга қўйдим-да, қўшиқ тугашини кутдим, балки кейингиси яхшидир. “Ҳей-я, тўхта, етиволсам еб қўяман, юрагимни ёндирма, ҳазиллашмадим, еб қўяман”… Йўқ, асло чидаб бўлмайди, кундузи чироқ ёқиб ҳам бирорта маъно топиш имконсиз!

Хуллас, телевизорни қулоғингга пахта тиқиб томоша қилмоқчи бўлсанг ҳам ўхшамайди. Бу каби қўшиқларга қандай клип ишланишидан ўзингиз хабардорсиз. Санъатимиз намоёндалари ўзининг замонавийликларини таъкидлаш учун хатти-ҳаракатларига эрк бериб, кийим, ташқи кўринишида ҳам одоб-ахлоқ, жамиятга эҳтиром туйғуларини рад этиб, ҳаммани лол қолдирдим деб ўйлайдилар. Ваҳоланки, бундай жараёнлар фақат маънан қашшоқлик, инсоннинг ўзидан бегоналашувига, ахлоқий таназзулга хизмат қиляпти.

Санъатни пул топишнинг осон йўлига айлантириб, соҳага адашиб кириб қолганлар санъатда шу каби муаммоларни урчитмоқда. Танқид қилмоқчи бўлсангиз, жавоб деярли бир хил: ” Ҳар бир ижрочи ижод қилсиҳ ҳуқуқига эга, бу менинг услубим, менинг йўналишим”. Тўғри, улар ижод қилиш ҳуқуқига эга экан, “Ўзбекконсерт” давлат муассаси, унинг қошидаги “Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бўйича Бадиий Кенгаш аъзолари томонидан қўшиқлар Бадиий кенгаш тасдиғидан ўтказмаслик ҳуқуқига эга-ку!

Шахруза Сатторова