Қорақалпоғистонда қуввати 200 мегаватт бўлган навбатдаги шамол электр станциясини қуриш учун тендер эълон қилинди

Қорақалпоғистонда қуввати 200 мегаватт бўлган навбатдаги шамол электр станциясини қуриш учун тендер эълон қилинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Ахборот хизматининг хабар берди.

Таькидлашича, мустақил энергия ишлаб чиқарувчисини танлаш доирасидаги ушбу тендер орқали 200 мегаватт қувватга эга навбатдаги шамол электр станцияси Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Қораўзак туманлари ҳудудида барпо этилиши режалаштирилган.

Хабарда қайд этилишича, ушбу ташаббус доирасида Ҳукумат Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан умумий қуввати 2 000 МВт (Шамол дастури) бўлган йирик шамол энергетикаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш учун ўзаро англашув меморандумини имзолаган. Натижада, 2021 йил октябрь ойида Шамол дастури доирасида 100 МВт қувватга эга биринчи лойиҳа тендери муваффақиятли якунлаган.

Лойиҳанинг амалга оширилишига малакали инвесторларни жалб қилиш ва танлаш мақсадида “Дастлабки малака ҳужжатлари тўпламини тақдим этишга доир сўров” (RFQ) жараёни билан бошланувчи икки босқичли тендер жараёнига старт берилди. Сўнгра “Таклиф учун сўров” (RFP) жараёни амалга оширилади.