Айрим шахсларга педагог сифатида фаолият олиб бориш таъқиқланиши мумкин

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Унга кўра қуйидагилар таълим ташкилотларида педагог (профессор-ўқитувчи) сифатида фаолият олиб бориши таъқиқланиши белгиланган:

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судлангани олиб ташланмаган шахслар;

ҳаётга, соғлиққа қарши жиноятлар, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган жиноятлар, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши, шахснинг озодлигига, шаъни ва қадр-қимматига қарши (бундан туҳмат, ҳақорат қилиш мустасно), фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши, тинчликка ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши, шунингдек, ўзгаларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар, жиноий йўл билан топилган мол-мулкни олиш ёки ўтказиш, гиёҳвандлик воситаларининг ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласидан иборат жиноятлар, жамоат тартибига қарши жиноятлар ва ҳарбий мансабдорлик жиноятлари содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар;

психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар;

педагоглик (профессор-ўқитувчилик) фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликка чалинган шахслар.

Педагоглик (профессор-ўқитувчилик) фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.