Бир куни асҳоби киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳазрат Али розиялоҳу анҳунинг жудаям яхши кўришларининг сабабини сўрашди. Пайғамбар алайҳисалом ҳазрат Алини чақириб келишни буюрдилар. Келгунига қадар саҳобаларга савол бердилар:
— Сиз бировга яхшилик қилсангиз-у, у сизга ёмонлик қилса, қандай йўл тутасиз?
Асҳоби киром розияллоҳу анҳум яхшилик билан жавоб қиламиз, дедилар.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна сўрадилар:
— Агар яна ёмонлик қилса-чи?
Саҳобалар индамай бошларини эгишди. Кейин ҳазрат Али келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
— Эй Али, кимгадир яхшилик қилсанг, у сенга ёмонлик қилса, нима қиласан?
Ҳазрат Али: “Яхшилик қиламан”, дедилар. Бу саволни Пайғамбар алайҳисалом етти марта сўрадилар, ҳазрат Али розиялоҳу анҳу ҳар сафар: “Яхшилик қиламан”, деб жавоб бердилар. Кейин: “Менинг яхшиликларимга доим ёмонлик билан жавоб қайтарса ҳам, унга яхшиликда давомли бўлавераман”, деб қўшиб қўйдилар.
Ҳазрат Али розиялоҳу анҳунинг қуйидаги гаплари ўз ҳолларидан хабар беради: “Одамларнинг энг ёмони яхшиликка ёмонлик қайтаргани ва одамларнинг энг яхшиси ёмонликка яхшилик қилганидир”.