Тафаккур вақти: Суратинга алданмай…

Буюк олимлардан Шаъбий бир куни дўстлари Қози Шурайҳнинг зиёратига бордилар. Қози Шурайҳ бу вақтда иш билан машғул эдилар.

Шу пайт эшикдан айюҳаннос солиб бир аёл кириб келди. Шикоятини айтаркан, кўзларидан шашқатор оқаётган ёши тинмади.

Аёлнинг бу ҳолини кўрган Шаъбийнинг жуда раҳми келди ва Қози Шурайҳга:
— Эй дўстим, даъвони шу аёлнинг фойдасига ҳал қилиб берсанг бўлмайдими? Қара, йиғламоқдан абгор бўлди бечора, — деди.

Қози Шурайҳ эса табассум билан Шаъбийга қаради:

— Эй дўстим, унутдингми, ахир Юсуф алайҳисаломнинг акалари ҳам оталарининг олдига ана шундай кўз ёш тўкиб, “Укамизни бўри еди” деб фарёд қилиб келишганди. Ваҳоланки, ўзлари укаларини шафқатсизларча бир қудуққа отишганди. Худди шундай бу аёлнинг кўз ёшлари унинг ҳақ эканига далил бўлолмайди.