Фарғонада коллеж бош ҳисобчиси 4,3 миллиард сўмни онлайн қиморга тикиб юборгани аниқланди

Фарғона вилояти Олимпия захиралари коллежи бош ҳисобчиси 4,3 миллиард сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.

Маълум бўлишича, у 2019–2021 йиллар давомида ўзига асоссиз равишда жами 4 миллиард сўм иш ҳақи ва устама ёзиб олган. Шунингдек, коллеж ўқитувилари номига банк пластик карталари очиб, 310 миллион сўм бюджет маблағларини ўқитувчиларга билдирмасдан ўтказиб олган.

Бош ҳисобчи талон-тарож қилган жами 4,3 миллиард сўм маблағларни интернет тармоғи орқали қимор ўйинларига тикиб, сарф қилган. Ҳолат юзасидан бош ҳисобчи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209 (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

​​Аввалроқ, «Халқ банки»нинг Андижон вилояти Амалиёт бўлими ходимлари 4,6 млрд сўмни ўзлаштирган эди.