Ўтган йилнинг 14 февраль куни Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Ю.нинг туғилган қизалоғи 2021 йил 15 февраль куни соат 09:15 да Қорақалпоғистон ҳудудий перинатал маркази шифокорлари томонидан ушбу чақалоқ вафот этганлиги қайд этилиб, соат 10.15 да патология бюроси ходимларига бериб юборилган, дея хабар берди Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, патология бюроси ходимлари томонидан чақалоқнинг кўкрак қафасида анотомик кесма кесган вақтида чақалоқда ҳаётий белгилар аниқланган бўлсада, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмаган ва перинатал маркази шифокорлари чақирилиб, чақалоқ қайтариб бериб юборилган.
Натижада, ўз вақтида зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги оқибатида чақалоқ вафот этган. Ушбу ҳолат юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 06.04.2021 йили ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тайинланган комиссиявий суд-тиббиёт экспертизасининг 2021 йилнинг 26 октябрь куни хулосасида фуқаро Н.Ю.нинг чақалоғи ўлимига амалдаги стандартларга мувофиқ реанимацион ёрдам-ўпканинг сунъий вентиляцияси, сурфактант ва лозим даражада қаров ўтказилмаганлиги ҳамда патолого-анатомик тадқиқот мақсадида тирик чақалоқда ўтказилган анотомик кесма-жароҳат сабаб бўлганлиги, стандартларга мувофиқ даво муолажалари ўтказилган тақдирда чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлганлиги кўрсатиб ўтилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ҳудудий перинатал маркази чақалоқларнинг реанимация бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Д. перинатал маркази неонатолог шифокори бўлиб ишлаган С.Р. ва патология-анатомия бюроси патология-анатом шифокори К.Г.лар ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.
04.12.2021 йилда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, айбланувчиларга эълон қилинган ва шу куни жиноят иши ҳужжатлари айбланувчиларга танишиб чиқиш учун тақдим этилган. Жиноят ишлар бўйича Нукус шаҳар судига ЖПКнинг 388-моддаси мувофиқ мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.
Ҳозирги вақтда жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан кўриб чиқилмоқда.