Украиналик болакайнинг мактуби БМТ минбарида ўқилди

Украинанинг Киев вилоятининг Гостомель посёлкасидан 9 ёшли бола рус аскарлари томонидан ўлдирилган марҳум онасига мактуб ёзди. Уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Украинанинг доимий вакили Сергей Кислица овоз чиқариб ўқиб берди.  

Хатда шундай дейилган: 

“Она, бу мактуб 8 март хотин-қизлар куни учун сизга совғам. Ҳаётимдаги энг яхши тўққиз йил учун раҳмат. Болалигим учун катта раҳмат. Сиз дунёдаги энг яхши онасиз. Мен сизни ҳеч қачон унутмайман. Осмонда сизга омад тилайман. Умид қиламанки, жаннатга кирасиз. Мен ҳам жаннатга киришим учун ўзимни яхши тутишга ҳаракат қиламан. Сизни ўпиб қоламан, Толянгиз”. 

Кислицанинг айтишича, боланинг онаси рус ҳарбийлари босиб олган Гостомелдан машинада чиқиб кетмоқчи бўлганида ўлдирилган. Бола маҳаллий аҳоли уни қутқаргунча машинада қолган. 

“Бундай мактублар ёзилишига йўл қўйиб бўлмайди, агар улар ёзилса, демак, бу ерда —БМТда ҳам нимадир нотўғри бўлган. Демак, унинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш механизми тўғри ишламаяпти ва уни тузатиш керак”, дейди дипломат.