Тафаккур вақти: Бисмиллаҳнинг ҳикмати

Дўкончи Али амакини ҳам, унинг айтиб берадиган бир-биридан қизиқ, ибратли ҳикояларини ҳам болалар бирдек яхши кўришади.

Йилнинг тўрт фаслида дўкон атрофидаги майдонча уларнинг қий-чувига тўлади. Амаки ҳаридорларга ҳам, “набира”ларига ҳам вақт топади.
Айниқса, ёзги таътил кунларида дўкон болалар учун энг севимли жойга айланади. Бунинг бир сабаби боя айтганимиздек, қизиқ ҳикоялар бўлса, иккинчиси, жазирама ёз кунида ўйнаб-ўйнаб чанқаганда жонга ором берувчи муздек сув. Уйга кириб ичай дейишса, оналарнинг қайтиб кўчага чиқаришлари гумон. Бу шароитда энг қулайи — Али амакининг дўкони.

Муниса ҳам дўконга сув ичиш мақсадида кирди.
— Амаки… сув ичиб олсам майлими?

— Майли-ю, қизалоғим, битта шарти бор. Сув ичишдан олдин “Бисмиллаҳ”, ичиб бўлгач “Алҳамдулиллаҳ”, дейсан.
— Вой, жуда осон-ку! Мен розиман!

Муниса шартни бажариб, чанқоғи қонгунича сув ичди. Амаки энди бошқа болаларга ҳам шу шарт билан сув берадиган бўлди. Жуда қизиқ туюлганидан, дўкон кундан-кун сув ичишни истаган болалар билан тўла бошлади. Кун ўтгани сари болалар учун одатга айланиб, уйларида ҳам амаки айтганидай қиладиган бўлишди.

…Мунисанинг отаси ҳар куни кечқурун ётиш олдидан ичкилик ичадиган одати бор эди. Шундай кечалардан бирида қизалоқ:

— Дадажон, “Бисмиллаҳ”ни айтмай ичманг, — деди.
Ота бир муддат каловланиб қолди:

— Қизим, буни ичиш учун “Бисмиллаҳ” айтилмайди…
Лекин қиз қайсарлик қилиб туриб олди. Бу ҳолат ҳар кеча такрорланавергач, ота уйида ичмайдиган ёки ташқарида ичиб келадиган бўлди. Шу тарзда орадан бир қанча муддат ўтди…
Али амакининг дўконига бир аёл келиб: “Мунисанинг онасиман, сизга ташаккур айтгани келдим”, деди.

— Неча йиллардан буён қилган дуоларимиз ижобат бўлди — Мунисанинг отаси ичкиликни ташлаб, намоз бошладилар. Шундан буён сизнинг ҳаққингизга дуодамиз…

Али амакининг кичиккина хизмати шундай улкан натижа берганди.

— Мен чанқаганларга бир қултум сув беришни истагандим, — деди Али амаки. — Сен ташна, муҳтож бир қулинг дилига раҳмат ёмғирингни ёғдирдинг, абадий саодат йўлини эҳсон этдинг, Ўзингга шукур, Аллоҳим!