Журналист ва блогерларга нисбатан туҳмат тарқатиб келган Telegram’даги икки канал блокланди

Ўзбекистонлик фаоллар, блогер ва журналистларга нисбатан турли хит туҳматлар тарқатиб келган Telegram’даги икки канал блокланди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов хабар берди.
Алламжоновнинг айтишича, Telegram мессенжерида «Қора мерган» ва «Снайпер блогер» номи билан очилган каналлар блокланган. У бунинг учун Google, Apple ва шахсан Павел Дуровга катта раҳмат айтди.
«Кимдир агар билса «Қора мерган» деган бир жирканч Telegram канал бўлар эди. У асосан фаоллар, блогер ва журналистлар ҳамда мени хоинликда доим айблар, барча либерал қарашли журналистларни АҚШга ишлайдиган хоинлар ёки рангли инқилоб қилувчи гуруҳлар деган уйдирма ва ифлос ёрлиқларни ёпиштирмоқчи бўлар эди. Бугун ушбу канал блокланди.

Бунинг учун Google, Apple компанияларига ва шахсан Павел Дуровга, катта раҳмат. Бизни мурожаатимизни беъэтибор қолдирмадингиз. Ўзига маъқул бўлмаган одамларни йўқ қилиш мақсадида туҳмат қилиш, обрўсизлантириш, хуллас ифлослик учун ажратилган яна бир ресурс энди йўқ. Албатта янгиси очилиши мумкин, лекин унинг ҳам умри қисқа бўлиши аниқ. Чунки ўзини ҳурмат қилган ресурсларда ноқонуний ҳаракатларга доим барҳам берилади. Ҳаёт курашдан иборат ва қалби тоза ва кўнглида кири йўқлар ғолиб бўлаверади ИншаАллоҳ.

Журналист ва блогерларнинг ашаддий душмани бўлган «Снайпер блогер» телеграм канали ҳам блокланди. Фейсбукдагиси ҳам тез кунда блокланади. Тозалаш ишлари давом этади. Агар янгиси очилса, уни ҳам тозалаймиз», — деб ёзади Комил Алламжонов.

Алламжонов фонд матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаевнинг бу борадаги хизматларини эътироф этган.