Австралияда иқлим ўзгариши сабабли япон энцефалитига чалиниш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.
Тропик касаллик 34 кишига юққан, уч киши касаллик оқибатида ҳалок бўлган. Мутахассислар хасталикка иқлим ўзгариши сабаб бўлганини айтмоқда.
«Япон энцефалити кам ҳолда учрайди ва асосан симптомсиз кечади. Жумладан, 99 фоиз ҳолларда касаллик танада симптомсиз намоён бўлади. Аммо 1 фоиз ҳолатда касалланганларнинг деярли учдан бир қисми вафот этади ва омон қолганларнинг тахминан ярми доимий муаммолар билан қолади», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Австралияда япон энцефалитига қарши препаратлар йўқ, шу сабабли мамлакат вакцина дозаларини импорт қилиш учун миллионлаб доллар сарфламоқда.
«Иқлим ўзгаришининг тезлашиши туфайли ўтмишда тропиклар билан чегараланган касалликлар ҳудуди кенгаймоқда. Япон энцефалити эса хавфли касалликлардан бири ҳисобланади», — дейди австралиялик мутахассис Тим Инглис.
Япон энцефалити Осиё ва Тинч океанининг иссиқ минтақасидаги 24 мамлакатда, Австралиянинг шимолий-шарқий учидан Япония, Корея, Хитой, Жануби-Шарқий Осиё ва Ҳиндистонгача эндемик ҳисобланади. Унинг оқибатида йилига 13 000 дан 20 000 гача одам вафот этади. Касалликни олиб юрувчи чивинларга кучли тропик ёмғирлар натижасида ҳосил бўлган кўлмаклар керак бўлади. Февраль ва март ойларида Австралиянинг шимоли-шарқий қирғоқларида рекорд даражадаги сув тошқини содир бўлган. Бу вируснинг жанубга ва ғарбга чивин, сув қушлари, от ва айниқса чўчқалар орқали тарқалишига имкон берган.
Австралия материкидаги аввалги касалланиш ҳолати 20 йил олдин мамлакатнинг шимолий нуқтасида содир бўлган. Ҳукумат ва муниципал ходимлар вирусни текшириш ва унинг тарқалишини кузатиш мақсадида намуналар тўплаш учун чивин тузоқлари ўрнатмоқда. Федерал ҳукумат вакциналарни чўчқа фермаси ишчиларига ва юқори хавф остида бўлганларга тарқатмоқда. Ҳокимият касаллик ташувчиларининг чақишидан эҳтиёт бўлишга чақирган.