Сардор Умурзаковнинг рафиқаси уй бекаси, аммо The Pandora Papers рўйхатида бор


Офшор компаниялар хизматидан фойдаланиш бўйича «Пандора архиви»да бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаковнинг рафиқаси Нодира Умурзакова ва қайнотаси Марлен Азизовнинг ҳам номлари борлиги маълум бўлди. ИТСВнинг билдиришича, Азизов 1990-йилларнинг бошидан буён бизнес билан шуғулланган, Умурзоқова эса ҳеч қачон хорижда ҳеч қандай актив ёки мулкка эгалик қилмаган ёки бенефициар бўлмаган.

Суриштирувчи журналистлар консорциуми (ICIJ) 3 октябрь куни 14 та офшор рўйхатга олувчиларнинг 11,9 млн атрофидаги (қарийб 3 терабайт) ҳужжатларини ўзида мужассам этган «Pandora Архиви»ни (The Pandora Papers) эълон қилди.a

Архивда Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган 60 дан ортиқ шахсларнинг исми-шарифлари келтирилади. Ижтимоий тармоқларда улар орасида бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковнинг рафиқаси Нодира Умурзакова ва қайнотаси Марлен Азизов ҳам борлигига эътибор қаратилди.

Шу жумладан, 2020 йил 23 январь ҳолатига кўра уй бекаси ҳисобланган Нодира Марленовна Умурзакова (1974 й.т.) Британиянинг Виржиния оролларида 2014 йил январида рўйхатдан ўтган Aslett Investments Limited компаниясининг бенефициар эгаси сифатида кўрсатилган.

Orginfo.uz сервиси маълумотларига кўра, бош вазир ўринбосарининг турмуш ўртоғи ва компания маҳаллий корхоналарда улушга эга эмас.

Aslett Investments Limited компаниясининг яна бир бенефициар эгаси сифатида Нодира Умурзакованинг отаси, бош вазир ўринбосарининг қайнотаси Марлен Азизов (1938 й.т.) кўрсатилган.

Ўз вақтида Чиноз уй-жой қурилиш комбинати бош директори бўлган Марлен Азизов 2012 йилдан 2016 йилга қадар Британиянинг Виржиния оролларида ташкил этилган Zarubezhvodstroy Limited, Alastor International Limited, Coribridge International Limited, Cannonford International Limited ва Hartswood Estates Limited компанияларининг ҳам бенефициари ҳисобланади.

«Газета.uz» сўровига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати Марлен Азизовнинг «90 йиллар бошидан Россия Федерацияси ва Европа мамлакатларида — турли хил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганини» маълум қилди.

«М.Азизовнинг қизи Н.Умурзакова ҳеч қачон тадбиркорлик фаолиятини билан шуғулланмаган ва чет элдаги бирон-бир актив ёки мулкнинг эгаси ёки бенефициари бўлмаган. Pandora ҳужжатлари маълумотлар базасида унинг исмининг мавжудлиги М. Азизовнинг оиласи аъзоси бўлганлиги боис нотўғри кўрсатилгани билан изоҳланиши мумкин. Ҳозирда ушбу ноаниқликнинг сабаблари ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.