Аввалроқ, Камолиддин Раббимовнинг ўн беш сутка маъмурий қамоққа олингани ва ортидан ИИВ матбуот котиби Ш.Ғиёсов берган хабарга асосланиб, уйига қўйиб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент шаҳар суди таниқли сиёсатшунос билан бўлган воқеага бироз ойдинлик киритди.
Маълум бўлишича, аввалига ростдан ҳам К.Раббимовга нисбатан “узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган”.
Бироқ кейин “ушбу қарор устидан К.Раббимов томонидан келтирилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 2022 йил 18 апрелдаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг К.Раббимовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилган”и билдирилади.
“Аниқланишича, 2022 йил 17 апрель куни К.Раббимов ва Ш.Самандаров Тошкент савдо маркази (Шайхонтоҳур тумани) олдидаги жамоат жойида шовқин қилиб туришган вақтда шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб, уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилишганда, уларга қаршилик кўрсатиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилишган.
Ҳуқуқбузарлар К.Раббимов ва Ш.Самандаровнинг ҳаракатлари ишда мавжуд тўпланган далиллар, жабрланувчи З. Турсуновнинг аризаси, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.Суднинг қарорига кўра:К.Раббимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) га асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ш. Самандаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ушбу қарор устидан К. Раббимов томонидан келтирилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 2022 йил 18 апрелдаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг К. Раббимовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилди.
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 18 апрелдаги қарори билан К.Раббимовга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, апелляция шикояти қаноатлантирилди. Қарорнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди” дейилади баёнотда.