Кеча, 20 апрель куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик натижасида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сел оқибатлари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра, 20 апрель куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларида бир соат-у ўттиз дақиқада ёғиб ўтган ёмғир бир ойлик ёғингарчилик миқдорини ташкил этган.
Кучли ёғингарчилик оқибатларини бартараф этишда амалий ёрдам сўраб, Самарқанд вилоятидан 222 та, Жиззах вилоятидан 14 та, Навоий вилоятидан 10 та, Қашқадарё вилоятидан 1 та жами 280 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Барча мурожаатлар бўйича, жумладан, сел оқимлари, сув тошқинлари ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 92 та махсус техника, 20 та мотопомпа ҳамда 758 нафар қутқарувчи жалб этилган.
Маълум қилинишича, ёмғир ва оқава сувлар Самарқанд шаҳрининг 5 та шоҳкўчасидан ўтувчи автомобиллар қатнов қисмида, 54 та ички кўчалар атрофидаги ирригация тармоқларида, 20 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ва атрофида, 84 та якка тартибдаги турар жой биноларининг ертўлалари ва ҳовлиларида, 5 та умумтаълим (9, 29, 39, 75-сон умумталим, 1 та ихтисослашган) мактаблар ва Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Кўзмунчоқ” номли МТМ ҳовлилари ҳамда Нарпай кўчасидаги “Муз саройи” биноси остидаги автотураргоҳда тўпланган.
Ёмғир сувлари Самарқанд туманининг 4 та маҳалласида кузатилиб, Булунғур тумани “Ғубдин” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи М-39 “Олма-ота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз” автомобиль йўлининг 1046 км.да ўрнатилган д=1500 сув ўтказиш қувурига сиғмасдан йўл қатнов қисмининг бир томонида йиғилиб қолган.
Юзага келган ҳолат оқибатларини бартараф этиш мақсадида, ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 144 нафар шахсий таркиб, 17 та ёнғин-қутқарув техникаси, 11 та мотопомпа ҳамда “Самарқанд сув таъминот” МЧЖдан 6 та махсус техника, 14 нафар ишчи-ходим жалб қилинган.
Жиззах вилоятида ҳам сел аҳоли хонадонлари ва инфратузилма объектларига жиддий талафот етказган. Хусусан, Фориш туманининг тоғли ҳудудлари ва адирликларида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида содир бўлган сел оқими “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 тасига тўлиқ талофат етказган, 44 таси ўрта ва 163 таси енгил даражада талофат кўрган. Қутқарувчилар томонидан 6 нафар фуқаро сел оқимлари ичидан қутқарилиб, Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Ушбу ҳудудда шундай сел оқимлари бундан тахминан 80 йиллар аввал кузатилган.