Рамзан Қодиров Зеленскийни ўлдиришга буйруқ олгани айтилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украина президенти Владимир Зеленскийга суиқасд уюштириш режаларида қатнашган. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Алексей Данилов ОАВларга маълум қилган.

«Украина биринчи шахсига суиқасд бўйича топшириқни 3 феврал куни Рамзан Қодиров Владимир Путин билан учрашувда олган. Қодировга суиқасдни ўз гуруҳи билан амалга ошириш мажбурияти юклатилган», — дея Даниловнинг сўзларини келтиради Meduza.

Украиналик амалдор суиқасд ҳақидаги манбани очиқламаган. Аммо қайд этиш керакки, сўнгги ҳафталарда Владимир Зеленский ва унинг идораси вакилларига ўндан ортиқ суиқасдлар (март ойи бошидан бери учта) уюштирилган бўлиши мумкин.

Британиянинг «The Times» газетасига кўра, суиқасдларда «Вагнер ПМК» ёлланма аскарлари ва чечен махсус кучлари иштирок этмоқда.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков апрел ойи бошидаги француз оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида Россия Украина президенти ҳаётига суиқасд тайёрлаётгани ҳақида хабарларни «сафсата» деб атаган эди.