Тафаккур вақти: Ҳаёт ҳақиқатлари

• Вафот этган инсонни барча сизлаб, хурмат билан тилга олади. «Ундай қилардилар, бундай кулардилар» дейилади. Аммо ўша инсон тириклигида шунчалик хурмат қилинмайди.

• Маййитни қабрга қўяётганда, «Бошларини эхтиёт қилинглар, оёқларини қаттиқ тортманглар» дейилади. Аммо ўша инсон тириклигида унга зулмлар қилинган бўлади.

• Аёл кишини қабрга қўйиш чоғида, «Тобутлари устидаги ёпинчиқни яна хам пастроқ ушлаб туринглар, устларини ёпиб туринглар, номаҳрамлар ўтириб олаверсин. Махрамлари қолинглар» дейилади. Аммо ўша аёлнинг хаётлик чоғида махрамлари у кишини шунчалик эхтиёт қилиб, номахрамлардан яширишмайди.

• Қабристон зиёратига борганда, қабрларни босиб юбормасликка, ўликларга озор бермасликка, қабристондаги ўсимликларни юлмасликка қаттиқ эътибор берилади. Аммо тирик юрганларга зулм қилинади, хақорат этилиб, хўрланади.

• Вафот этган хонадондаги аёллар ва эркакларнинг либоси Шариат кўрсатмасига мувофиқ хамма жойни тўсиб турадиган, қалин матодан тикилган бўлади. Агар аёл киши келаётган бўлса, эркаклар юзларини тескари ўгириб, бир томонга ўтиб туришади. Қолаверса, ўша ховлида аёллар ўтирган тараф мато билан тўсиб қўйилади. Эркаклар билан аралаш ҳолда ўтириш хам, бақир-чақир, сўкиниш хам бўлмайди.

• Аммо орадан бир неча кунлар ўтгач, бундай мухит ўрнини хамма билган мухит эгаллайди. Аёлларнинг сатри авратда бўлиши, эркакларнинг тескари қараб туриши тезда эсдан чиқарилади.

• Бозорда сотувчи билан савдолашаётган пайтингизда, у «Фақат сизга нархидан ўтиб бераман» дейди. Бу каби гапларнинг аксари ёлғон бўлиб, савдонинг баракаси йўқ бўлишига, пулнинг халоллигига футур етишига сабаб бўлади.

• Ишхонадагиларга, кўчадагиларга хушмуомала бўлиб, кўпинча уйга келганда оила аъзоларга қовоқ уйиб, бақириб, қўпол гапирилади.

• Кўчада бирор танишни учратиб қолинса, шошиб турган бўлинса хам «Уйга ўтинг, чой тайёр эди» дейилади. Бу гап кўпинча носамимий тарзда, одат бўлиб қолгани учун айтилади.

• Уйда баъзан онамиз билан гаплашаётганимизда, «Сиз ундай дедингиз, бундай қилмаслигингиз керак эди» каби қўпол, кесатиқли, маломат охангида гапирамиз. Ўша аёл биз чақалоқлигимизда, йўргакда ётиб, ўзимиз еёлмайдиган, туролмайдиган, хожатга боролмай, йўргагимизга иш бажариб қўйганимизда, сут берган, жирканмасдан тагимизни тозалаган, ярим кечаси йиғлаб қолсак, ўрнидан туриб бизга қарашга эринмаган онаизоримиз эканини унутиб қўямиз.

• Баъзилар эса она деганда оппоқ кўйлак ва рўмолдаги, нуроний аёлни кўз олдига келтиришар экан.

• Дўстим, сизни туққан, боққан, энг яхши таом, ичимлик ва либосни сизга илинган, хали хам ишдан кеч келсангиз, ухламай, хавотирда кутиб ўтирадиган аёл онангиз эканини, у инсонга оғайниларингизга қиладиган қўпол муомалани қилиб бўлмаслигини, у сизнинг ширин сўзингизга, хушмуомалангизга муштоқ эканларини унутманг!

Нозимжон Хошимжон