Бир киши машҳур донишманднинг ҳузурига келиб, ундан сўрабди:
– Устоз, сиздан бир нарсани билиб олмоқчи эдим. Одамнинг нечта дўсти бўлиши керак? “Юз тилланг бўлмасин, юзта дўстинг бўлсин” деган мақолни эшитиб қолдим. Лекин агар атайлаб дўст қидирадиган бўлсам, ишларим ўнгидан келишига ишонмайман. Ахир қаршингдаги одам аслида қанақалигини билиб бўлмайди. Бундан ташқари, у чинакам дўст бўлишга лойиқми-йўқми – буни ҳам олдиндан айтиш қийин. Унинг устига, ўзимнинг ҳам бошқаларга қай даражада дўст бўла олишим аниқ эмас…
– Саволингга жавоб бераман, тўғрироғи, жавобни ўзинг топасан, – дебди донишманд. – Ҳув анави олма дарахтини кўряпсанми? У дунёдаги энг баланд олма оғочларидан бири. Бориб ўша дарахтнинг энг учидаги мевалардан менга териб кел.
Одам ўша тарафга қараб, дарахтнинг юксак шохларида товланиб турган олмаларни кўрибди ва:
– Лекин, тақсир, дарахт ҳақиқатан ҳам жуда баланд экан. Меваларни қандай қилиб уза оламан? – дебди.
– Бирорта дўстингни чақир, биргалашиб оларсизлар, – деб йўл-йўриқ кўрсатибди донишманд.
Ҳалиги киши бир дўстини топиб келибди. Ўртоғи унинг елкасига чиқибди, лекин меваларга қўли етмабди. Орада ҳали анчагина масофа бор экан.
– Йўқ, бунақада ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, – дебди асабийлашиб дўст изловчи.
– Нима бало, бошқа умуман дўстинг йўқми? – дебди кулиб донишманд.
Бояқиш бошқа дўстларини ҳам чақириб, анча-мунча одам йиғибди. Улар бир-бирларининг елкаларига минганча, терлаб-пишиб юқорига интилишибди… Бироқ бу жонли ҳавоза олмагача етиб бормабди, ҳолдан тойган одамларнинг оёқлари ҳам тойибди, ҳамма ерга гурсиллаб тушибди.
Бу ишларни кузатиб турган донишманд ҳалиги кишини ёнига чақирибди ва сўрабди:
– Одамга нечта ҳақиқий дўст кераклигини тушунгандирсан?
– Ҳа, тақсир, тушундим, – дебди у лат еган елкасини уқалаганча. – Жуда кўп дўст керак экан. Кўпдан қуён қочиб қутулмайди. Ҳар қандай муаммони кўплашиб ҳал қилиш мумкин.
Донишманд афсус билан бош чайқабди:
– Тўғри, дўстларнинг кўп бўлгани яхши. Лекин миясига нарвон олиб келиш фикри келадиган биттагина фаросатли дўстинг бўлса, ундан-да яхши.