Май ойидан бошлаб янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари амалга киритилади.
Унга кўра, жумладан, аҳоли пунктларида транспортларнинг тезлигини соатига 70 километрдан, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда 300 метргача масофада 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.
Бунда Президентнинг тегишли қарори билан ташкил этилган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги республика комиссияси қарори асосида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги йўл ҳаракати қатнови юқори бўлган ва аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт ҳаракатланишининг юқори тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланиши мумкин.
Енгил автомобилларда юк ташишга уларнинг том қисмига ўрнатилган юкхонадаги юкнинг баландлиги 1 метрдан (махсус мосламалар билан мустаҳкамланган ҳолда велосипедларни ташиш бундан мустасно) ва узунлиги автомобилнинг габаритидан 0,5 метрдан ошмаган тақдирда йўл қўйилади.
Юк автомобиллари, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган айрим истиснолардан ташқари барча ҳолатларда, йўлнинг фақат ўнг қатнов қисмидан ҳаракатланиши шарт.
Транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ёки ўтиб тўхташ тақиқланади.