Журналистга чиндан таҳдид бўлганмиди, ёки «любая пиар хороша»ми?

Жаҳонгир Усмонов таҳдидлар сабабли ўчириб ташланган танқидий матиреал юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Аввалроқ Rost24.uz cайти бош муҳаррири, журналист Анора Содиқованинг “Халқаро молиявий криминаллар рўйхатида кўринган ўзбек олигархи ёхуд Вержин оролларидаги компаниянинг ягона бенефицари Жаҳонгир Мираброрович Усмонов ҳақида” номли мақоласи эълон қилган эди.

Мазкур мақолада Pandora papers ҳужжатларида номи қайд этилган ўзбекистонлик тадбиркор Жаҳонгир Усмоновнинг фаолияти хусусида сўз борган. Журналист ўз суриштирувида қўлга киритган маълумотлар асосида собиқ сенатор, Ўзбекистон футболининг бир неча йиллик раҳбари, марҳум сенатор Мираброр Усмоновнинг ўғлига тегишли бир неча компанияларнинг занжири оффшор ҳудудларга, молиявий жиноятларга томон етаклашини айтади.

Шунингдек, журналист тадбиркор йирик маблағларини яшириш, хориждаги офшор компаниялар ҳисоб рақамларига олиб чиқиш учун хайрия фонди(“Эзгу мақсад”)дан фойдаланган бўлиши мумкинлигини билдиради.

2017 йилда ташкил этилган «Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат фонди “Саховат”, “Мурувват” ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларида мураккаб операцияларни ўтказиш билан шуғулланиши белгиланган бўлиб, фондга бир қатор имтиёзлар берилгани маълум қилинди.

Журналист ўз суриштирувида аниқлашича, мазкур фонд ва тадбиркор Ж.Усмоновга тегишли бир неча компаниялар ўртасида миллиардлар суммалар айланган.

Бу ҳақда мақола ва махсус видеоматериал эълон қилингач, орада бир муддат вақт ўтиб, А.Содиқова уларни тармоқдан ўчирилгани ва таҳдидга учрагани ҳақида маълум қилган эди.

Анжуманда Усмоновнинг ўзи бу масалага ойдинлик киритиб, изоҳ берди.

«Менинг оилам учун бу жуда ҳам оғир. Майли бу материал сайтдан олиб ташланди, ҳўп. 1–2 соатлардан кейин Анора Содиқова саҳифасида худди шу материал чиқди. Нимага унда у таҳдиддан қўрқиб, ўзининг сайтидан хабарни олиб ташлади, орадан бироз ўтгач яна тармоқдаги саҳифасига юклади. Бу савол эмас. Анора Содиқова соғ бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин», — дейди фонд раиси.

Шахруза Сатторова