«Ўзгидромет» 4 майгача қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди.
Прогнозларга кўра, 29—28 апрель кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Самарқанд, Жиззах вилоятларининг айрим туманларида бугун кундуз куни, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида баъзи жойларда кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
1—2 майда республика ҳудудига Эрон ҳудудларидан май ойининг боши учун анча иссиқ бўлган ҳаво кириб келиши кучаяди. Кундуз кунлари ҳаво 32-34 даражагача, республика жанубида 36-39 даражагача исийди. Бундай ҳарорат фони метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун ушбу даврнинг энг юқори ҳароратидан фақат 2-3 даражага паст бўлади. Шу кунларда фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
3—4 майда Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келади. Республика бўйича вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши мумкин. Баъзи жойларда шамол 17-22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, 3 майда баъзи жойларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати 22-25 даражагача пасаяди.