Журналист Бош прокуратурага туҳмат қилди(ми)?

Куни кеча Интернет сайтларининг бирида давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти ҳақида қатор журналистларнинг фикрлари эълон қилинди. Бундай муносабатларни вақти-вақти билан омма эътиборига ҳавола этиш давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятига ижобий таъсир қилади, албатта.

Бироқ билдирилаётган фикрлар холис ва ҳаққоний бўлмагани юзасидан Бош прокуратура Матбуот хизмати муносабат билдирди.

«Биз билан ҳеч қачон алоқа қилмаган “Замон” информацион дастурининг журналисти Жаҳонгир Олимов Бош прокуратура матбуот хизмати ҳақида кескин фикр билдирар экан, тизим журналистлар учун ёпиқлиги, кўплаб ҳолатлар бўйича телевидение учун интервью олиш қийин эканини иддао қилибди.

Бундай бирёқлама ва асоссиз муносабатга мутлақо қўшилмаймиз.

Кенг жамоатчилик кўриб-билиб турибди: Бош прокуратура матбуот хизмати нафақат ижтимоий тармоқлар, Интернет сайтлар, балки республикамизда фаолият кўрсатаётган барча давлат ва нодавлат телерадиокомпаниялар билан яқиндан ҳамкорликни ўрнатиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Ҳамкорлик деганда прокуратура органлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишгина назарда тутилаётгани йўқ.

Балки бевосита тизим ваколатига оид резонанс хабарларга Бош прокуратура матбуот хизмати тезкорлик билан муносабат билдириб келмоқда.

Узоққа бормайлик, жорий йилнинг январь ойида айнан ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар орасида давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти бўйича сўровнома ўтказилганди.

Сўровнома якунига кўра, Бош прокуратура Матбуот хизмати “Йилнинг энг фаол матбуот котиби” номинациясида 1-ўринга лойиқ деб топилгани ҳам тизим ёпиқ эмаслиги, аксинча, журналист ва блогерлар учун очиқ эканини яққол кўрсатиб турибди», дейилади хабарда.