Оммавий ахборот воситаларига ҳижобни тарғиб қилиш вазифаси юклатилди

«Толибон» ҳаракатининг ҳижоб бўйича жорий қиладиган янги буйруғи маълум бўлди. Бу ҳақда «Hasht-e Subh Daily» хабар берди.

Маълум қилинишича, қарор 8 май куни соат 08:00 да (Кобул вақти билан) эълон қилиниши керак. Бироқ ҳали оммага эълон қилинмаган буйруқнинг нусхаси қўлга киритилган. Унга кўра, биринчи босқичда очиқ кийинган ёки ўранмаган аёл уйининг остонасидан аниқланади, ҳолат бўйича унинг васийси огоҳлантирилади.

Мазкур фармойишнинг бошқа бандларида шундай дейилган: «Иккинчи босқичда унинг васийси тегишли бўлимга чақирилсин, учинчи босқичда эса аёл васийси уч кун муддатга лавозимидан четлаштирилсин. Тўртинчи қадамда васийга нисбатан тегишли жазо тайинлаш учун судга топширилади».

«Толибон» буйруғи давлат идораларида ишлайдиган, ҳижобга риоя қилмайдиган аёлларни лавозимидан озод қилишни назарда тутади. Бундан ташқари, ҳужжатда оммавий ахборот воситаларига ҳижобни тарғиб қилиш вазифаси юклатилган. Жумладан, медиада ҳижобнинг афзал томони ва уни ўрамаслик оқибатлари ёритилиши керак.