Айни кунларда спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этган атлет Оксана Чусовитина таяниб сакраш дастурида ғалаба қозониб, ушбу йўналишда Ўзбекистонда тенги йўқ эканини исботлади.
Бу орада спортчидан Осиё ўйинларининг қолдирилгани унинг яқин режаларига қандай таъсир ўтказгани ҳақида сўралди.
«Париж-2024 Олимпиадаси ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрдим, сўнг Париж-2024 Олимпиадасига тайёрланишга қарор қилдим«, — дейди Оксана Чусовитина.
Маълумот учун, Оксана Чусовитина 8 бор Олимпия ўйинларида иштирок этиб, гимнастика тарихи ва “Гиннеснинг рекордлари” китобига киритилган эди. Агар у Париж-2024 Олимпиадасида ҳам иштирок этадиган бўлса, ўз рекордини яқин давр ичида ҳеч ким яқинлаша олмайдиган қилиб янгилайди. Яна ҳам ҳайратланарлиси, ўшанда у 49 ёшида бу ишни амалга оширган бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Оксана Чусовитина Токиодаги Олимпиада ўйинларидаги чиқишларидан сўнг спортдаги фаолиятини якунлаганини эълон қилган эди. Кейинроқ у профессионал фаолиятини давом эттириши ва Осиё ўйинларига тайёргарлик бошланганини маълум қилди.