Бухорода онасини бегона эркак билан кўрган мактаб ўқувчиси қотиллик содир этди

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 2006 йилда туғилган 10 синф ўқувчиси (ўғил) қотилликка қўл урди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 6 май куни тунги пайтда тумандаги “Абдулла Қодирий” маҳалласида қотиллик содир бўлган. Қотиллик тумандаги Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси томонидан содир этилган.

Мактаб-интернат директори Ўктам Назаровга кўра, 16 ёшли ўқувчи Ш.Р. оилада беш фарзанднинг тўнғичи бўлган. Отаси 2017 йил Россияга ишлаш учун кетган. Ўқувчи бола ўша куни кечки пайт уйга қайтганида онаси М.О. отасининг яқин дўсти, 35 ёшли фуқаро билан ҳовлисининг чекка қисмидаги уйда ёлғиз ўтирган бўлган. Ш.Р. жанжал кўтарган ва жаҳл устида фуқарони пичоқлаб ўлдирган.

Ўқувчимнинг онаси бегона эркак билан қандай ҳолатда ўтирган — бу бизга қоронғи. Ш.Р. рашк оқибатида ўзи англамаган ҳолда қаттиқ асабийлашган ва қотилликкача борган. Аммо ўқувчим жудаям иқтидорли, билимли, ақлли, одобли бола. Спортнинг футбол турига қизиқарди. Ундан жуда кучли футболчи етишиб чиқишига ишонардик. Ш.Р. мусобақаларда ҳам, фан беллашувларида ҳам, тартиб-интизомда биринчи бўлган. Фаол ўқувчимизнинг аччиқ тақдиридан бутун мактабимиз жамоаси билан қайғуда қолдик. Кутилмаган, жуда хунук кўнгилсизлик бўлди-да. Айни қизиққон ёшдалигини, ҳар бир ўғил болада бўлганидек ундаям орият баланд бўлганини инобатга олиш ҳам керакдир”, — дейди мактаб-интернат директори Ўктам Назаров.

Вилоят прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Анвар Эсановнинг билдиришича, қотиллик юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддасининг 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Ғиждувон туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.