Ривоятларда айтилишича, Ҳазрат Сулаймон алайхиссаломнинг: «Бу дунёдаги ҳамма нарса ўткинчи», — деган сўзлар ўйиб ёзилган узуги бўлган. Сулаймон ҳаётининг қайғули онларида узукдаги ана шу ҳикматли битикни ўқиб, таскин топган.
Бир куни унинг бошига шундай бахтсизлик тушадики, узукдаги сўзлар дардига малҳам бўлолмайди. Сулаймон ғазаб билан узукни ечиб, отиб юборади ва думалаб бораётган узукнинг ички томонида ҳам аллақандай битик борлигига ногаҳон кўзи тушади. Ўрнидан туриб, узукни қўлига олади-да, битикни ўқийди. Узукнинг ички томонида эса: «Бу ҳам ўтиб кетади», — деган ёзувлар бор эди.
Сулаймон аччиқ кулимсираб, узукни бармоғига тақади ва умрининг охиригача уни ечмайди.
©«Ҳақиқат манзаралари» китобидан.