Тошкентда бош шифокор ўринбосари этиб тайинлашга ёрдам бериш учун 1,3 минг доллар олган шахслар ушланди

Тошкент вилоятининг Бектемир туманида тиббиёт ходимини юқори лавозимга тайинлашга ёрдам бериш учун пул талаб қилган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Бектемир тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида М.Д. ва С.Х. исмли шахслар фуқаро Х.ни (мутахассислиги шифокор) юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Нурафшон шаҳардаги Тез тиббий ёрдам бўлимига ишга киритиб, кейинчалик гўёки бош шифокор ўринбосари лавозимига тайинлатиб бериш эвазига 1,3 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Ховос туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда У.А. исмли шахс фуқаро I.нинг ишончига кириб, уни Ховос вагон таъмир корхонасида ишловчи танишлари орқали ишга киритиб қўйиш эвазига 1,5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.