Талабаларни ётоқхона билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилади

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган навбатдаги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ,
▪️2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, “E-Anticor.uz” электрон платформасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолашни назарда тутувчи «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади;

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри» (“паст”, “ўрта” ва “юқори” ўлчовларида) шакллантирилади ва Интернет тармоғида очиқ эълон қилиб борилади;

Ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш амалиёти йўлга қўйилади;

Агентлик ҳамкор идора ва вазирликлар билан биргаликда жорий йилнинг октябрь ойига қадар “Коррупцияга қарши курашиш виртуал платформаси” лойиҳасини ишга туширади.

Шунингдек, Қарор билан коррупцияга мойил бўлган муносабатларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, унга кўра,

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида фуқаролардан ноқонуний қурилиш ҳолатлари юзасидан мурожаатларни онлайн қабул қилиш имкони яратилади;

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзларнинг рўйхати ягона хужжатда шакллантирилади ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади;

Олий таълим муассасаларда талабаларни ётоқхона билан таъминлашнинг электрон тизими жорий этилади;

Автобекатларда тадбиркорлик объектларини жойлаштиришга рухсат беришнинг шаффоф электрон механизмлари яратилади;

Ташқи реклама объектларини жойлаштириш онлайн аукцион тартибига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.