Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг бир қатор селеционер олимлари очиқ майдон ва иссиқхонада етиштиришга мос помидор нави ихтиро қилди.
Екатерина Лян, Рустам Низомов, Шермуҳаммад Аминов ва Жамил Тўраевларнинг ўн йиллик меҳнати натижасида ушбу нав яратилди. Янги помидор турига «Универсал» номи берилди.
Янги нав ўртапишар бўлиб, ўсиш даври 120–122 кунни ташкил этади. Асосий поясининг узунлиги иссиқхонада 2–2,5 метр, очиқ майдонда 1,5–1,8 метргача етади. Шохланиши ва баргланиши эса ўртача. Барги оддий, тўқ яшил, ўртача бурмали бўлади.
Таркибида қуруқ модда миқдори 4,8 фоиз, умумий қанд 4,2 фоиз, аскорбин кислотаси 24,2 фоиз. Ҳосилдорлиги: иссиқхонада 15–18 килограмм, очиқ майдонда 38–42 та ни ташкил этди. Бу кўрсаткич бошқа навлардан 15-20 фоизга юқори дегани.
Помидорнинг “Универсал” навини республикада кенг жорий этиш, бирламчи уруғчилигини ўрнатилган тартибда ташкил этиш учун нав хужжатлар расмийлаштирилган. Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига Давлат реестирига киритиш учун ва Интеллектуал мулк агентлигига патентлаш учун тақдим этилди.