Ўзбекистонда16 мингдан зиёд инсон “қора рўйхат”дан чиқарилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Тошкент шаҳрида ўтказилаётган диний ҳамжамиятлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумида маълум қилди.
«Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббус асосида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциянинг амалий ифодаси мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳтларда яққол ифодасини топмоқда. Хусусан, турли ғаразли кучлар таъсирида диний-экстремизм фаолиятига адашиб кириб қолган 16 мингдан зиёди инсон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “қора рўйхати”дан чиқарилди, дея таъкидлаган у.
Эслатиб ўтамиз, 16 000 киши қора рўйхатдан чиқарилгани ҳақида Президент 2017 йил 1 сентябрь куни айтиб ўтганди. Шу куни Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётган Хасти Имом мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, маҳалла фаоллари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказган.