Сурхондарёдаги мактабда ўқувчи калтакланиши ортидан 5 киши ишдан бўшатилди

Сурхондарё вилояти Бандихон тумани 4-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш нинг 9-Б-синф ўқувчиси Х.И.ни калтакланган видеолавҳа вилоят халқ таълим бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган.

Аниқланишича, воқеа шу йил 27 апрелда содир бўлган. Шу куни мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Ю.Ш. дарс жадвали асосида 9-Б-синф ўқувчиларига дарс машғулотларини ўтган. Дарс машғулоти давомида 9-Б-синф раҳбари Э.Ж. синфхонага кириб келиб, 9-Б-синф ўқувчиларининг ўзаро жанжалини ижтимоий тармоққа ким тарқатганини муҳокама қилган.

9-Б-синф ўқувчиси Х.И. 9-Б-синф раҳбари Э.Ж. ва Инглиз тили ўқитувчиси Ю.Ш.га гап қайтаргани учун Ю.Ш жаҳл устида Х.И.ни калтаклаган. Ушбу ҳолат 9-Б-синф ўқувчилари томонидан видеотасвирга олинган ва 15 май куни ижтимоий тармоқларга тарқатилган.

Ушбу масала бўйича туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва туман халқ таълим бўлими масъул ходимлари томонидан мактабда ўрганиш ўтказилган. Ушбу мактабнинг 9-а синфи ўқувчилари билан тенгдоши Х.И. ҳақида фикр сўралганда ушбу синф ўқувчилари томонидан 9-Б синфдаги айрим ўқувчилар мактабда «Одоб-ахлоқ қоидалари»га риоя қилмаслиги ҳамда тенгдошлари билан турли жанжалли ҳолатлар бир неча маротаба кузатилганини билдирган. Айнан ушбу ўқувчиларнинг ота-оналарига фарзандларининг хулқи ва дарсга тайёрланмасдан келиши юзасидан алоҳида кўрсатмалар ҳамда тавсиялар бериб борилган.

Мактабда таълим-тарбия ишларини ҳамда педагог ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва ички меҳнат тартиб қоидаларига амал қилишини етарли равишда назорат қилмагани учун Бандихон тумани 4-мактаб директори Х.Б. ишдан кетишга ариза ёзган.

Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.С., ўқув ишлар бўйича ўринбосари Н.А. ва Инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш. ва 9-Б-синф раҳбари Э.Ж. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Юқоридаги ҳолатни бошқа таълим муассасаларида такрорланмаслиги юзасидан Бандихон туман халқ таълими бўлими раҳбариятига тегишли кўрсатмалар берилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилмоқда.