Шу йилнинг 26 апрелида Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани суди томонидан 44 яшар Азим Бердиев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш айби билан 5 йилга қамалди.
Жиноят иши материалларига кўра, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчи бу йигитнинг телефон аппаратидан диний мазмундаги бир қанча видео ва аудио материаллар топилган. Хусусан, таниқли уламо Мубашшир Аҳмаднинг “Аброржон, укам, сизни диний таълимга мухолиф эканингизни биламиз”, яна бир бошқа муаллифнинг “Содиқ Самарқандий аслида ким, қаерда илм олган…”, қирғизистонлик уламо Чубак ҳожининг “Болаларни масжиддан ҳайдаманг”, “Ўзбекистонда ҳақни гапирувчи имом чиқди” сингари бир неча видео материаллар чиққан.
Азим бу материалларни телеграм ижтимоий тармоғи орқали аввал хотинига, сўнг қариндошлар ва ҳамқишлоқларга йўллаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги экспертиза маркази мазкур материалларни жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи диний-экстремистик адабиёт сифатида баҳолаган ва шунинг учун оиласининг ёлғиз боқувчиси бўлган йигит панжара ортига кетди.
Ғаройиб замонларга етдик. Мубашшир домла давлат ва жамоатчилик учун муҳим саналган таниқли уламоларимиздан. У кишининг диний таълим, экстремизмга қарши кураш ва маърифат йўлидаги фаолиятидан хабардормиз. Чубак ҳожи қўшни Қирғизистон муфтийси бўлган, коронавирус орамиздан олиб кетган дилбар шахс эди. Содиқ Самарқандийни яқинда таниқли журналист акамиз Каримберди Тўрамуроднинг у киши билан интервьюсидан сўнг яна ҳам кўпроқ танидик. Қолаверса, Каримберди аканинг интервью ва домлани зиёрат қилганларидан бери ишлари юришиб кетди, китоблари тақдимот қилинмоқда.
Каримов замонида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг расмий вакили бўлган Фозил қорининг дисклари, кўчада сотилган китоблари уйидан топилган шахсларнинг қамалганидан хабарим бор. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, столбани ҳам қамайдиган замонлар эди. Энди-чи? Бу ўша фаолиятга ўрганиб қолган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг шахсий ташаббусими ёки бу ерда биз билмаган синоатлар борми?
Суд жиноят иши материалларидан президентлар И. Каримов ва Ш. Мирзиёев шахси ҳақоратланган материаллар муаллифлар Азим Бердиев эмаслигини инобатга олиб, 158-моддани айбловдан чиқарибди. Аксинча, Азим яна ҳам узоқроқ муддатга кетиши мумкин эди. Хуллас, осмон олис, ер қаттиқ, нима қилиш мумкин? Кимга додингни айтасан?
Муҳтарам домлаларимизни Азимнинг ҳимоясига чақираман. Адолат қирқ йиллик ибодатдан афзал экан, имкониятни бой бермайлик!..