TikTok ижтимоий тармоғи ва унинг бош компанияси ByteDance 10 ёшли фойдаланувчи Найла Андерсон муаммо туфайли вафот этганидан кейин бепарволик ва сифатсиз маҳсулотни тарқатишда айбланиб судга тортилди. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
Марҳум қизнинг онаси Тавайнна Андерсон TikTok’ни сифатсиз маҳсулот ва бепарволикда айблаб, унинг қизи ижтимоий тармоқдаги видеони кўрганидан сўнг челленжда қатнашишга қарор қилгани ва 2021 йил декабрь ойида бўғилишдан вафот этганини айтди. Blackout Challenge иштирокчилари нафасларини ушлаб туриши ёки атайлаб бўғилиб, ҳушидан кетиши керак бўлади.
Онасининг айтишича, қизи платформанинг алгоритми туфайли челленж ҳақида билиб қолган, у тавсиялар саҳифасида Blackout Challenge ҳақидаги видеони кўрган. Яна тўрт нафар бола асфикция туфайли вафот этган, шу жумладан 2021 йил январь ойида италиялик 10 ёшли қиз ҳам.