Аввалроқ, Тошкентда меҳрибонлик уйида болалар норозилик намойиши уюштирилганлиги ҳақида хабар тарқалган эди.
Хабар асосида Юнусобод тумани прокурори раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан 21-сон Меҳрибонлик уйининг фаолияти текширилган. Бу ҳақда Бош прокуратура Ogoh.uz’ га қўшимча маълумот тақдим этди.
Қайд этилишича, текшириш давомида муассасада носоғлом ва қониқарсиз муҳит туфайли айрим тарбияланувчиларда норозилик кайфияти пайдо бўлганлиги ва намойиш уюштирилганлиги аниқланган.
Шу сабабли, 26 апрель куни 21-сонли Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бундан ташқари, текшириш давомида муассаса мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари оқибатида ўзганинг кўп миқдордаги маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинганлиги маълум бўлганлиги айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Жиноят кодексининг 167, 205 ва 207-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.