Кўча юзида кичик бечораҳол қизча тиланчилик қилиб ўтирарди. Қизчанинг кийимлари абгор, юзлари сўлғин, ҳоли паришон эди.
Башанг кийинган, савлатли бир киши қизнинг олдидан ўтиб кетаркан, қизчага назари тушди. Аммо уни ноқулай ҳолатга солмаслик учун синчиклаб қарамади.
Ҳашаматли ва ҳамма қулайликлари муҳайё қилинган уйига қайтганида шоҳона безатилган дастурхон уни кутарди. Емак маҳалида ҳам, ундан кейин ҳам совуқ кунда кўчада тиланиб ўтирган қизча хаёлидан кетмади. Хонасига кириб, бироз ором олишга ётаркан, кўнглидан бир нарсалар ўта бошлади. Дунёнинг яратилишида ўзича адолатсизлик кўргандай бўлди. Шундай ҳолатларни яратгани учун Аллоҳга шикоят қила бошлади.
Кўнглидан шундай ўйлар ўтарди: “Бундай ишларга нега йўл қўясанг, Аллоҳим? Нега шу қизалоққа ёрдам берадиган бирон чора яратмайсан?”
У шу ҳолатда шикоятлар қиларкан, қалбининг туб-тубидан бир жавоб эшитгандай бўлди:
“Чора бор. У сенсан”…