Тафаккур вақти: Бир пой туфли



Дўкондор янги келтирган молларини кўчага қараган кўргазма ойнаси ортига жойларди. Бир болакай ташқарида янги туфлиларга ўзгача бир ҳавас билан қараб турганини кўрди. Болакайнинг чап оёғ тиззасидан пасти йўқлиги учун қўлтиқтаёққа таяниб олганди.

– Шу пойабзал сенга ёқдими? – деб сўради дўкондор ташқари чиқиб болага юзланаркан. 
– Ҳа. Жуда ажойиб туфли экан, – деди болакай кўзлари чақлаб. 
– Кийиб кўришни истайсанми? 
– Сотиб ололмагандан кейин кийиб кўриб нима қиламан… Устига уч юз минг деб ёзилган. Менда унча пул бўлмаса…

– Биласамми, ўғлим, дўконимизда бугундан чегирмалар бошланган. Булар энди икки юз мингдан сотилади. Бунинг устига сен фақат бир пойини оласан. Бу сенга юз мингга тушади. 
– Қандай қилиб бир пойини ололаман? Қолган бир пойини сотиб бўлмайдику?! 
– Нега энди? Яна биронта ўнг оёғи бор харидор келиб қолиши мумкинку. Аслида, бу дунёда ҳаммамиз ҳам ногиронмиз.

Кимнингдир оёғида, кимнингдир қўлида, яна бировнинг иймони ёки виждонида нуқсон бор. Танасида нуқсони борларга осон. Улар бундай ҳолатлари учун ҳатто катта ажрларга сазовор бўлишади. Аммо виждони ноқисларга қийин-да… 
Дўкондор амакининг бу гапларини эшитиб, боланинг ақли шошиб қолди. “Нималар деяпти бу амаки?” У эс-ҳушини йиғиб улгурмасдан дўкондор уни магазин ичкарисига ундади. Курсига ўтирғизиб, бежирим туфлилардан бирини кийгизди.

– Қалай? Ёқдими? Маъқулми? 
– Жуда ёқди. Лекин менда… 
Дўкондор худди болакайнинг гапини эшитмаган кишидай давом этди. 
– Мактабга борасанми? Нечинчида ўқийсан? 
– Иккинчини тугатяпман. Энди учинчига ўтаман. 
– Ана. Демак, сен ўқувчилик чегирмасидан ҳам фойдаланишинг мумкин экан. Шунда бу туфли сен учун эллик мингга тушади.

Болакай бўлаётган ишларнинг ростлигига ишонгиси келмас, ҳеч нарсага тушунмай қолганди. У худди ширин бир туш кўраётгандай ҳис қилди ўзини. Дўкондор эса: 
– Бўлди. Энди мен молимни сотиб бўлдим. Энди навбат сенга, — деди болакайга. 
Болакай ҳайрон бўлиб қараб турарди.

– Мана бу туфлинг учун қанча сўрайсан? – деди дўкондор болакайнинг эскириб, мажақланиб кетган бир пой туфлисини меҳр билан қўлга олиб.

– Э… Бу жуда эски, товони ҳам кўчиб қолган. У сотишга ярамайди.

– Вой, сен савдони билмас экансан-да. Нарсалар қанчалик эски, қанчалик қадимий бўлса, шунча қиммат нархларга баҳоланади. Шунинг учун бу оёқ кийим учун юз минг берсам, рози бўласанми?

Дўкондор боланинг оғиз очишини ҳам кутмасдан унинг қўлига дарров пул тутқазди. 
– Мана сенга – юз минг. Бор-барака!
Дўкондор болакай билан самимий қўл сиқишаркан, ёноғига бир томчи ёш думалади. Гўё дўкондаги ҳамма молни бир пасда сотиб бўлган каби хурсанд ҳис қилди ўзини.  

– Ҳеч бўлмаса, эллик минггини мана бу янги туфли учун олиб қолинг, – дея олди болакай.  
Дўкондор унинг райини қайтаргиси келмади.  

– Отам тўғри айтган экан, – деди болакай дўкондан чиқишга чоғланаркан. – Ногиронлигинг учун ўксинишга ҳеч ҳожат йўқ, дердилар отам.