Жорий йилнинг 1-чорагида Вазирлик тизимидаги 73 та муассасада профилактика тадбирлар ўтказилди. Натижада жами 11,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланди. 10,1 млрд. сўмлик мақсадсиз ва ортиқча харажатларнинг олди олинди, 1,6 млрд. сўмлик қисми профилактик тадбирлар жараёнида ундирилиб тикланди.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ички аудит хизмати бошлиғи Салоҳиддин Тошматов маълум қилди.
Таъкидланишича, муассасаларда ўтказилган инвентаризация жараёнида балансда акс эттирилмаган 8,7 млрд. сўмлик моддий бойликларни ташкилот балансига киримга олиниши таъминланди. 912,2 млн сўмлик ортиқча тўланган иш ҳақи ва бошқа турдаги ҳисоб-китоблар кейинги ойларда ҳисоб-китоб қилиш учун ундирувга қаратилди.
Бундан ташқари, профилактика тадбирларини ўтказиш жараёнида 3 та ташкилотда аниқланган 259,0 млн. сўмлик хато ва камчиликларда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.
Молиявий камчиликларга йўл қўйилган ташкилотлардаги раҳбар ва масъул ходимларнинг 4 нафари лавозимидан озод этилди. 31 нафарига нисбатан интизомий ва 1 нафарига нисбатан эса жарима жазо турлари қўлланилди.