Тафаккур вақти: Надомат

Бир гуруҳ одамлар олтин излаб йўлга чиқишибди ва узун, қоронғу тунел бўйлаб йўл юришларига тўғри келибди. Тунел жудаям қоронғу бўлса-да, бир-бирларини ушлаб, пайпасланиб олдинга ҳаракатни бошлашибди. Йул мобайнида уларнинг оёқларига турли тошлар урилиб, халақит бера бошлабди.

Шунда йўлбошчи:
–Эй дўстлар, биздан кейин ҳам бу ердан бошқалар юришади. Келинглар, ўзимиз қийналсак ҳам, ердаги тошлардан қўлимизга олиб кетайлик, йўл тугагач, ташлаб юборамиз. Зора, биздан кейингилар бизчалик қийналишмаса, – дебди.

Бу гап бировга ёқибди, бировга ёқмабди. Баъзилар катта-катта тошларни олишибди, баъзилар ҳатто қўнжиларини ҳам тўлдиришибди. Баъзилар атайлаб енгил-енгилини танлаб олишибди. Айримлар эса гўё ўзларини олгандек кўрсатишибди, лекин ҳеч нарса олишмабди.

Менга нима, деб очиқчасига олмаганлар ҳам бўлибди. Энг ахмоқлари эса ўша йўлбошчини ёқтирмаганлари учун айтганини қилишни исташмабди.
Хуллас, йўл тугагач, ҳамма ёруғликка чиқибди. Қўлларини қарашса, тош деб ўйлаганлари олтин экан. Ҳамма афсус чекибди. Олмаганлар ҳам олганлар ҳам. Ҳатто бутун қўнжини тўлдириб олган киши ҳам «яна озгина олсам ҳам бўларди» деб йиғлармиш.

…Бу дунёдаги тириклик сафари ҳам худди шу ҳикоятдагига ўхшайди… манзилга етганда надомат чекмайдиган инсон – бахтлидир.