Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбупт хизмати хабар беришича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Атабеков ҳозирги кунда кенг тарқалаётган маймун чечаги касаллиги ва унинг қандай кечиши ҳақида маълумот берди.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, касаллик ҳозиргача 14 та давлатда қайд этилган, — деди Н.Атабеков.
—Хусусан, инфекцияни юқтирганлар сони 90 нафарга яқинлашгани айтиляпти. Қолаверса, қарийб 30 киши касалликка чалинганликда гумонланмоқда. Қолаверса, шу кунгача ўлим ҳолатлари рўйхатга олинмади.
Аслида, бу хасталик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Яъни илк бор у бундан 52 йил аввал Конго Демократик Республикасида аниқланган. Касалликнинг алоҳида ҳолатлари Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида кузатилган.
Биздаги маълумотларга кўра, маймун чечаги деярли барча ҳолатларда ҳайвонлардан одамга юқади. Асосан эндемик ҳудудларга сафар қилган ва жониворлар билан мулоқотда бўлган кишиларда тасдиқланиши мумкин.
Дунё бўйлаб касалликнинг қайта авж олиши 7 май санасидан бошланди. Шу куни Буюк Британияга Нигериядан қайтган сайёҳда мазкур инфекция аниқланди. Унда касаллик белгилари терида тошмалар тошиши билан намоён бўлган. Шундан сўнг ушбу мамлакатда ўнга яқин беморлар маймун чечагига чалингани маълум бўлди.
Кейинроқ АҚШ, Канада, Испания, Португалия, Франсия, Италия, Швесия, Белгия, Нидерландия, Гресия, Австралия, Исроил ва Швейсарияда ҳам хасталик тарқала бошлагани ҳақида хабар топдик.
Таҳлилларга кўра, касаллик одатда енгил кечяпти ва беморларнинг кўпчилиги бир неча ҳафта ичида тузалиб кетмоқда.
Шунга қарамай, ҳозир ЖССТ маймун инфекцияси кенг тарқалиб кетмаслиги учун дунё мамлакатларини профилактик чораларни кучайтиришга чақирмоқда.
Хўш, бу касалликдан қандай ҳимояланиш мумкин?
Мутахассислар фикрича, айнан маймун чечагига қарши эмлаш препаратлари мавжуд бўлмаса-да, бир қатор мамлакатлар оддий чечакка қарши ваксиналар орқали бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
Чунки икки вирус бир-бирига ўхшаш ва шу туфайли бундай ваксиналар маймун чечагининг олдини олишда тахминан 85 фоизга самара бериши кутиляпти.
Ўзбкистонда ҳозирга қадар маймун чечаги қайд этилгани йўқ. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг юртимизга кириб келмаслиги учун зарур чораларни кўряпмиз»,- дейди Нурмат Атабеков.